Ўзбекистон Президенти мамлакатимизга ташриф буюрган Россиянинг ВТБ банки президенти – бошқаруви раисини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти мамлакатимизга ташриф буюрган Россиянинг ВТБ банки президенти – бошқаруви раисини қабул қилди
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент иқтисодий форуми доирасида мамлакатимизда бўлиб турган “ВТБ” банки президенти – бошқаруви раиси Андрей Костинни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбарининг матбуот хизматидан маълум қилинишича, учрашувда мамлакатимиз корхоналарининг Россиядаги энг йирик банк институтларидан бири билан ўзаро манфаатли инвестициявий ва молиявий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Форум доирасида Навоий кон-металлургия комбинатининг лойиҳалари учун 1 миллиард АҚШ доллари қийматидаги кредит линиясини ажратиш тўғрисида биринчи битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Бундан ташқари, индустриаллаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ва молиялаштиришни кенгайтиришдаги мавжуд имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Амалий ҳамкорликни илгари суриш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.