Ўзбекистон Президентининг Жаҳон банки делегацияси билан учрашувида ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди
Ўзбекистон Президентининг Жаҳон банки делегацияси билан учрашувида ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент иқтисодий форуми доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давлатимиз раҳбарининг матбуот хизматидан маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон ва ушбу етакчи халқаро молия институти ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Банк делегациясининг жорий йил май ойида мамлакатимизга ташрифидан кейинги даврда ўзаро ҳамкорликда эришилган амалий натижалар мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, қўшма “йўл харита”си қабул қилинди ва бугунги кунда муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилди.
Ўрта шаҳарларни ривожлантириш, электр энергетикаси тармоғини модернизация қилиш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли шартларда қарз тақдим этиш маъқулланди.
Умуман олганда, бугунги кунда Жаҳон банкининг 4,8 миллиард долларлик молиявий ресурсларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган 26 та лойиҳа ҳамкорлик портфелини ташкил этади.
Шунингдек, камбағалликка қарши курашишнинг методологик асосларини тайёрлаш, хусусий секторнинг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналари ислоҳотини давом эттириш ва Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича биргаликдаги ишларнинг натижалари кўриб чиқилди.
Жаҳон банки ташаббуси билан ишга туширилган халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик бўйича “Мамлакат платформаси” ўз самараларини бераётгани таъкидланди.
Вице-президент Анна Бьерде Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг боришини юксак баҳолади, улар ортга қайтмас тус олганини қайд этди.
Жаҳон банки мамлакатимизда турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган янгиланишларга кўмакни кенгайтиришга тайёр эканлиги таъкидланди.
Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Бу борада камбағалликни қисқартириш, таълим ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, рақамлаштириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш, давлат корхоналари трансформациясини давом эттириш, ҳудудларда индустриаллашувни тезлаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигини, шу жумладан инновациялар ва томчилаб суғориш технологиясини кенг жорий қилиш орқали жадал ривожлантириш каби стратегик йўналишлар устувор масалалар сифатида белгилаб олинди.
Жаҳон банки вакилларининг минтақада тадбиркор-аёллар мулоқоти бўйича янги кўп томонлама платформани шакллантириш борасидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Бўлажак тадбир ва мулоқотлар режаси кўриб чиқилди, қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришнинг биринчи галдаги чоралари келишиб олинди.