4 октябрь куни Тошкентга Туркманистон Президенти икки кунлик расмий ташриф билан келади
4 октябрь куни Тошкентга Туркманистон Президенти икки кунлик расмий ташриф билан келади
ТОШКЕНТ, 2 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов жорий йил 4-5 октябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизматининг маълумотига кўра, бўлажак олий даражали учрашув кун тартибига Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари киритилган.
Асосий эътибор савдо, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалигида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга оширишга қаратилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Ташриф доирасида қатор икки томонлама тадбирлар, шу жумладан Иқтисодий форум ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, кўп қиррали шерикликни жадаллаштиришга қаратилган ҳужжат ва шартномаларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат