Сенат раиси Осиё велоспорт конфедерацияси президенти билан мамлакатимизда велоспорт бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш масалаларини муҳокама қилди
Сенат раиси Осиё велоспорт конфедерацияси президенти билан мамлакатимизда велоспорт бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси, Велоспорт федерацияси раиси Танзила Норбоева кеча мамлакатимизда бўлиб турган Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмад ал-Шафарни қабул қилди.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашувда юртимизда велоспортни янада ривожлантириш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни ушбу спорт турига кенг жалб этиш ҳамда шу орқали мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби масалалар, шунингдек, Осиё велоспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда истиқболли режаларни амалга ошириш муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Осама Аҳмад ал-Шафар Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга, спортчилар учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.
Меҳмонлар ана шу эътибор натижасида Ўзбекистон велоспортида кескин юксалиш кўзга ташлангани ва натижада ўзбекистонлик спортчилар жорий йил март ойида Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этганини мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, учрашувда меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда велоспортнинг шоссе, тоғ ва трек турлари бўйича мусобақаларни ташкил этиш, Осиё чемпионатларини ўтказиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда велоспорт терма жамоасининг моддий-техник базасини янада кучайтириш, хорижий мураббийларни жалб этиш орқали уларнинг салоҳиятидан юқори даражада фойдаланиш, спортчиларни келгусидаги йирик мусобақаларга пухта тайёрлаш каби устувор масалалар юзасидан ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олди.