Абу Али ибн Сино ва замонавий фармацевтика...
Абу Али ибн Сино ва замонавий фармацевтика...
Абу Али ибн Сино номи бутун дунё тиббиёт соҳаси учун яхши маълум. Бобокалонимиз ўзининг бир қанча асарлари, хусусан, «Тиб қонунлари» китоби билан асрлар ўтсада, ҳамон барҳаёт.
Мутахассислар унинг мазкур асари замонавий тиббиётнинг шаклланишида муҳим асос бўлиб хизмат қилганини таъкидлашади.
Пойтахтимизда «Абу Али ибн Сино ва замонавий фармацевтикада инновациялар» мавзуида ўтказилган анъанавий V халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам ана шулар ҳақида сўз юритилиб, табиб ёзиб қолдирган мероснинг доришунослик соҳасида аҳамияти катта экани таъкидланди.
Ибн Сино жамоат фонди томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент фармацевтика институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Германия, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Корея, Малайзия, Россия ва Туркия каби дунёнинг қатор мамлакатларидан 300 нафарга яқин етакчи мутахассис онлайн ҳамда офлайн тарзда иштирок этди.
– Фондимиз улуғ бобокалонимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлида самарали фаолият юритмоқда, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Нозим Маҳмудов. – Биз мамлакатимиз тарихчи ва шарқшунос олимлари, бошқа илмий муассасалар билан бир қаторда хорижий давлатларда Ибн Сино меросини тадқиқ этаётган турли фондлар ҳамда тузилмалар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу борада албатта тажриба алмашиш, ечимини кутаётган долзарб вазифаларни биргаликда ҳал этиш йўлларини излаш жуда муҳим. Мазкур халқаро анжуман айни шу мақсадларга хизмат қилади ва ўзаро тажриба алмашиш учун мулоқот майдонига айланди.
Анжуман доирасида юртимиз ва хориж мамлакатлари олимларининг илмий маърузалари тингланди. Тадбирда шунингдек «Ибн Сино инновациялари», «Замонавий фармацевтика соҳасидаги инновациялар» ва «Ёш фармацевт» номинациялари бўйича илмий тадқиқотлар танлови эълон қилиниб, ғолиблар учун «Абу Али ибн Сино» мукофоти таъсис этилди.