Миллий ҳарбий меросимиз дурдоналари
Миллий ҳарбий меросимиз дурдоналари
Буюк саркардаларимиз султон Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Буюк Хоразмшоҳлар”, “Буюк Темурийлар”, “Буюк Бобурийлар” салтанатларини қуриб, уларни адолатли қонунлар билан безаган. Улар Марказий Осиё ва Ҳиндистон халқлари тақдирини тараққиётга, Ренессансга етаклаган шахслардир. “Темур тузуклари”, “Бобурнома” каби бой мерос эгаларидир.
Ушбу буюк ҳарбий даҳоларга нисбатан “туғилди” сўзини ишлатишимиз уларни чуқур англамаганимиздан далолатдир. Оллоҳ уларни қаҳрамонликлар учун метин жасоратлар сиймоси сифатида яратган. Улар мардлик ва ватанпарварликнинг олий кўриниши - ёв қаршисида юрт муқаддас эканлигини ҳарбий истеъдоди билан машҳур муҳорабаларда намоён қилганлар.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қуролли Кучларимиз соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ - чин вазифангиздур”, деган эзгу даъватини ўзига шиор қилиб олди. Улар халқимизга янада яқин бўлиб, бирлаштириб, сафарбарликни ошириб, қисқа муддатларда ўз олдига қўйилган муҳим вазифаларни муносиб адо этганини барчамиз чексиз миннатдорлик билан қайд этамиз”.
Ҳаётда инсонларни бирлаштирувчи ҳодисалар кўп. Гоҳи шодлик, гоҳи қайғу (ғам) бирлаштиради. Яна бир қудратли куч борки, у — она алласи. Қадимдан халқимиз фарзандларига Қуръон сура ва оятларини ўқиб, буюк ва етук инсонлар бўлишини тилаб алла айтган, уларнинг қалбларига ватанпарварлик туйғусини сингдирган.
Она Ватанга муҳаббат ва унинг равнақи, тинчлиги, фаровон ҳаётга бўлган интилиш ҳам бутун мамлакат фуқароларини ягона мақсад йўлида бирлаштириши айни ҳақиқат.
Агар Ватанга муҳаббат туйғусини, унинг қудратли жозибасини бутун вужудингиз билан ҳис қила олсангиз, шунда қалб тарбияси камолга етаётган бўлади. Бу билан биз, янги Ўзбекистонимиздаги ҳарбий ватанпарварлик руҳининг бош асоси, бой миллий меросимиз дурдоналари ҳақида гапирмоқчимиз.
Султон Жалолиддин Мангуберди ўзбек халқининг довюрак ўғлони, жасоратда тенгсиз паҳлавон. У буюк фотиҳ Чингизхонга катта минтақада ягона рақиб бўла олган саркардадир.
Мирзо УлуҚбек “Тўрт улус тарихи” асарида “Олам аҳли Жалолиддиндан олдин ҳам, кейин ҳам бундай баҳодир жангчини кўрмаган. Бу зотнинг азму шижоати олдида ҳатто буюкликнинг ўзи ҳам таъзим қилади”, деб юксак баҳо беради.
Тарихчи Насавий уни “Шерлар орасида энг зўр арслон эди”, дея таърифласа, Алоуддин Жувайний “Жаҳонда бирор киши бундайин мардни кўрмаган, илгариги номдорлар орасида бўлганини ҳам эшитмаган... У шерлар орасида энг зўр арслон, довюрак чавандоз, лашкар орасида энг ботири эди”, деса, Ибн ал-Асир эса “Мусулмон мамлакатларнинг ҳукмдорлари орасидан султон Жалолиддиндан бошқа ҳеч бирида мўғулларга қарши муқаддас уруш қилишга қодирини кўрмадим. Бундай истак уларнинг ҳеч қайсисида йўқ эди”, деган юқори баҳони берган.
Мўғуллар Хоразм давлати чегараларидан ўтганида Жалолиддин отасига мардлик қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўзлар экан: “Сиз қўшинга буйруқ беринг-да, ўзингиз бир четда бизнинг Қалаба қозонишимизни кутинг!” деган журъатли таклифни билдирган эди.
Жалолиддин озодлик байроғи остида Эрон, Ироқ, Кавказ, Ўиндистондаги кучларни бирлаштириб, мўҚулларга қарши қаҳрамонлик билан олиб борган жами 15 тадан ортиқ жанглардан 10 тасида ажойиб ғалаба қозонган. Булар — Нисо, Қандаҳор, Валиён, Парвон, Гардиз, Шатра, Басра, ўарни, Рай, Исфахон ва энг ажойиби Парвон даштидаги ғалабадир.
Синд дарёси бўйидаги уч кунлик жанг шундай аёвсиз бўлгандики, бошқа жангларни унинг олдида болалар ўйини дейиш мумкин эди. Жалолиддинда 30 минг, мўғулларда 250 минг қўшин қатнашган жангнинг учинчи куни Жалолиддин аскарларининг 26 минги қирилиб, кўплаб хоразмликлар шаҳид бўлганига қарамай, мардларча майдонни тарк этмаслиги ватанпарварликнинг ҳақиқий олий кўриниши эди. Мўғуллар орасида ярадор бўлган ва ўлганлар эса янада кўпроқ эди. Шу катта тўсиқни Жалолиддин 4000 аскари билан енгиб Ҳиндистонга ўтиб кета олди. Чингизхон ва барча мўғуллар ҳайрат бармоғини тишлар экан, Чингизхон ўғилларига юзланди: “Отага берилган муносиб ўғил шундоқ бўлиши керак! У шундай қирғинбарот жанг майдонидан ва дарё гирдобидан қутулиб ҳимоя қирғоғига чиқа олдими, бу довюрак ҳали бошимизга кўп таҳликалар солади, ундан мислсиз қаҳрамонликлар ва ташвишлар кутиш мумкин. Шундай бўлса-да, ўлдирманг уни, у яшашга ҳақли!”
Тинчликпарвар, меҳнатсевар, кўп миллатли ва бағрикенг бўлган ўзбек халқининг мақсади эзгу — дунёда тинчлик ҳукм суриши. Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида яратаётганимиз — янги Ўзбекистонда ҳам мана шундай эзгулик кучи улғайиб, бугун дунёни ўзига ром эта олди!
Биринчидан, биз янги ва замонавий давлат бошқарувида буюк боболаримиздан мерос бўлиб келаётган адолат йўлини танладик.
Иккинчидан, соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ — чин вазифангиздур” деган эзгу даъватини ҳаётимиз шиорига айлантирдик.
Учинчидан, яқин-йироқ давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб, бутун дунё халқлари манфаати учун бирдек дахлдор халқаро ташаббусларни илгари сура бошладик.
Тўртинчидан, мана шу ташаббусларнинг туб моҳияти тинчлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилганини теран англаган дунё дипломатияси янги ¤збекистон ва бу мамлакат Президентини қўллаб-қувватлашга киришди.
Бугун, Ватан ҳимоячилари байрами арафасида халқимизнинг, буюк боболаримизнинг яна бир яшовчан салоҳиятини ёдга олгимиз келди. Халқимиз кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтди. Бугунги кунларга етгунча не-не қақшатқич зарбаларга учрамади, дейсиз. Шу билан бирга, дунёга “Тамаддун ҳодисаси”ни ҳам мерос қолдирди. Гап шу ҳақда борар экан, буюк бобомиз Амир Темурнинг ҳарбий меросини тилга олиш ўринли бўлади.
Амир Темур — буюк ҳарбий саркарда, стратег, илм-фан, маданият ҳомийси, “Темурийлар Ренессанси” асосчиси. Соҳибқироннинг муваффақиятли ғалабалари, чуқур ўйланган стратегия ва тактикалари эса мутлақо ноёбдир.
Амир Темур меросидаги стратегик асар “Темур тузуклари”нинг бугунги кундаги аҳамиятига Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида аҳамият берди: “Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш биз учун ўтган икки йил давомида энг устувор вазифага айланди. Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди”, дея бугунги кундаги адолатни барча соҳада кенг йўлга қўйиш сиёсатимизнинг негизи эканини яна бир бор таъкидлади.
Бу бежиз эмас. Чунончи, бугун дунёнинг кўп давлатлари ҳарб сиёсатида Амир Темур бобомиз ўгитлари ва бошқарув тутумларидан кенг фойдаланиб келмоқда. Буни бобомиз қўллаган ўнлаб ҳарбий атамалар бугунги кунда ҳам кўплаб мамлакатлар ҳарбий соҳасида қўлланиб келаётганида ҳам кўришимиз мумкин.
У хоҳ ошкора, хоҳ зимдан бўлсин, лекин бу — айни ҳақиқат. Бундан, албатта, фахрланамиз. Шу билан бирга, ўзимиз ҳам бу буюк меросдан самарали фойдаланишимиз керак. Шу мақсадда Президентимиз катта ишларни бошлаб берди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва 2017 йил 5 июлдаги “Ўшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони билан яқин-яқингача суворовчилар деб номланиб келган ҳарбий-академик лицейлар “Темурбеклар мактаби”га айлантирилди. Бунинг асоси сифатида “Буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилсин”, дейилган.
Амир Темур тарихини мукаммал баён этган буюк муаррих Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида “Ҳазрат Соҳибқирон ҳар ишгаким юз қўяр эди, ул ишни камолига еткурмагунча ул ишдин элик тортмас эрди”, деб юксак баҳо берган.
Амир Темурга буюк тарихий аҳамиятли баҳо берган машҳур Шарқ алломаси Ибн Халдун “Форслар ва араблар дунёда пешволик асрини ўтаб бўлди, энди бу вазифа Амир Темур даҳоси туфайли турклар қўлига ўтди”, деганида мутлақо ҳақ эди.
Амир Темур салтанатни бошқаришда “Куч — адолатдадир”, “Адолатли бўлсанг, нажот топасан”, “Бир кунлик адолат юз кунлик тоат-ибодатдан афзал” деган шиорлари дунё ҳукмдорларини ўзига жалб этса, ҳарбий бошқарувда эса унинг адолати — “Аскарни энг қуйи мартабадан олий мартабагача тарбиялаб кўтариш ҳақида”ги тузуги бунга яққол далил.
Амир Темур маҳоратини кўрсатувчи асосий жиҳат олдига қўйилган мақсадга жангсиз эришиш қобилиятидир. Асосан, кам сонли қўшин ва жанговар тайёргарлик орқали тўғри усуллар ва кам талафот билан жангда ғалабага эришишдир.
Амир Темурнинг ҳарбий истеъдоди — моҳир ташкилотчи ва атоқли саркарда сифатидаги фаолияти, адолатли давлат бошқаруви “Тузуклар”ида акс этган.
“Темур тузуклари” асарида Соҳибқироннинг маънавий-ахлоқий ва фалсафий фикрлари, мардлик ва шижоатни тарбиялашга қаратилган ғоялари ўз аксини топган. Ундаги Соҳибқирон ҳикматлари ҳозирги кунда халқ мақолларига айланган, десак, муболаға бўлмайди.
Жумладан:
адоват эмас, адолат керак;
бир кунлик адолат юз кунлик тоат-ибодатдан афзал;
бир калима ширин сўз қилични қинга киритар;
душмандан қўрқма, мунофиқдан қўрқ;
сўзлагувчи гарчи нодон бўлса ҳам, тингловчи доно бўлсин;
ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан;
яхшини ёмон кунда имтиҳон қил;
бошсиз мамлакат — жонсиз танадир.
“Тузуклар”даги Соҳибқирон ҳикматларининг бугунги кунда ҳам долзарблиги ва аҳамияти ортиб бормоқда. “Салтанат тўнини кийгач, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим”, “Маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик, ҳушёрлик билан мамлакатларни ўзимга бўйсундирдим. Кўп нарсани билиб турсам-да, билмасликка олдим, дўсту душман билан муросаю мадора қилдим”, “Душманларни дўстга айлантирдим”, “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унутишар эди”, “Ҳеч кимдан ўч олиш мақомида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Иш кўрсатган, шижоатли эр йигитларни қошимда тутдим, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим”, деган эди буюк бобомиз.
“Тузуклар”даги сатрларга назар ташлар эканмиз, Амир Темурнинг умри давомида юритган оқилона сиёсати ва тадбирлари, давлатчилик тажрибасидан олинган қимматли хулосаларининг гувоҳи бўламиз.
Хусусан, “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир” ёки “Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин”, шунингдек, “Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй” каби доно ўгитлари шулар жумласидан. Унинг бу каби ибратли ва кенг маъноли юзлаб ўгитлари ҳаётдан олинган сабоқлар мевасидир.
Амир Темур бобомизнинг номдор амирлар, элчилар ёки ўзга юрт ҳукмдорларига айтган фикрлари ҳам унинг ўткир ақл ва зеҳн эгаси, маънавий ҳамда ахлоқий қарашлари, донишмандлиги, билими кенглиги, бунёдкорлиги, илм-фан ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳақида далилларга бой маълумотларни беради.
Соҳибқирон Амир Темурнинг шижоат ва мардлик ҳақидаги кўплаб ғоялари ўша даврдаёқ ҳарбий шиорлар сифатида қадрланган. Унинг Анқара жангидан олдин Йилдирим Боязид элчиларига мардлик ҳақида айтган фикри бунга далилдир. Жумладан, “Мард киши ўз сўзига вафо қилади, сўз билан иш орасида ихтилоф бўлиши — номардлик аломатидир” ёки “Салтанатни бошқаришда шамширни номус ва шараф билан тутиш” борасидаги васиятида ҳам мардлик ва юрт ташвиши акс этган.
Амир Темурнинг маънавий-ахлоқий меросини ўрганиш ҳозирги кунда янада долзарб ҳисобланади. “Темур тузуклари” асаридаги ватанпарварлик ғояларининг ёшларни юрт қайғуси ва уни севиб ардоқлаш руҳида тарбиялашдаги ўрни беқиёсдир.
“Тузуклар”дан фарзанд тарбиясида, шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савиясини юксалтириш, миллий тарихимизни чуқур ўрганишда фойдаланиш, ушбу маънавий-ахлоқий ҳамда ҳарбий меросни, унинг ибратли ҳаёти ва ҳарбий-сиёсий фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ. Зеро, буюк Амир Темур дунёга адолат тантанасини мерос қолдирди. Бу мерос бугун ҳам, кейин ҳам ўзининг сўнмас ва доимо талпинувчан руҳи билан дунё халқларини ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликка, тўғри ва ҳалол яшашга, меҳрибон бўлишга чорлаб туради.
Соҳибқирон ҳазратларидаги ватанпарварлик, мардлик, юрт тинчлиги ва фаровонлиги, равнақи учун қалқон бўлиш каби фазилатлар нафақат шахсий намуна, шу билан бирга, Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби темурийлар фаолиятида ҳам мужассам бўлган.
Заҳириддин Муҳаммад — истеъдодли саркарда, довюраклиги ва жасурлиги учун ёшлигидан Бобур дейишган. “Барб” арабча “йўлбарс”дир. Бобур кучлар нотенг жангларда ажойиб ғалабаларни қўлга киритган. Масалан, Бобур 1496 — 1503 йилларда салтанат фахри бўлган Самарқандни душмандан олиш учун тенгсиз жангларга киришиб уч марта шаҳарни қўлга киритди. У Шайбонийхоннинг 15 минглик қўшини турган Самарқандга ўзининг бор-йўғи 200 кишилик аскари билан ҳужум қилишга журъат этиб, душманни қалъадан ҳайдашга эришган. Самарқандни биринчи марта 1497-1498 йилларда 100 кун, иккинчи марта 1499-1500 йилларда 6 ой, учинчи марта 1511 йилнинг охирида Шайбонийхон ўлимидан кейин яна келиб, эгаллаб яна 6 ой ҳукмронлик қилади. Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахондан жангда енгилгач Кобулга чиқиб кетади.
Ёки 1526 йил апрель ойида Деҳли яқинидаги Панипат жангида Бобур ўзининг 12 минг аскари билан 100 мингга яқин катта қўшин ва 2 мингга яқин ҳарбий филларга эга бўлган Деҳли султони Иброҳим Лўдийни тор-мор қилиб ғалаба қозонади. Сон жиҳатдан катта душман қўшини оз сонли лашкар билан тор-мор этилган бу жанг ҳарбий санъат тарихидан ўрин олган. Бунда “тўлҚама” деб аталган ҳарбий тактикани ишлатиб, порох билан ишлайдиган ҳарбий қурол — “тўфак”ни ва “Фаранги тўпи”, араваларга ҳам ўрнатилган “зарбзан қурол” каби ҳарбий аслаҳаларни жорий этган. Бобур мутлақо янги қурол — артиллерия аслаҳасининг илк намунасини яратган.
У жангда олдинда борар, қийин шароитларда ҳамма билан бирга бўлиб, машаққатни баҳам кўрар эди. Масалан, Бобур Ҳиротдалигида Кобулда нотинчлик юз бериб, тоғ йўли билан Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Улар тоҚда отни, одамни кўмадиган қалин қорга дуч келишади. Шунда Бобур аскарлари билан баробар юриб, қор тепиб, йўл очади. Кечаси уни дам олгани ғорга таклиф қилганларида кўнмайди, бошқалар қатори очиқ ҳавода тунайди ва “Дўстлар билан бирга ўлиш тўйдир!” дейди.
Жангга кириш олдидан Мирзо Бобурнинг аскарларига мурожаати жуда таъсирлидир. “Ораларингизда ўлмайдиган, абадий тирик қоладиганингиз борми? Қуёш ботиш учун чиқади, одамзод ўлиш учун туғилади. Бу айни ҳақиқат! Ит ҳам ўлади, йигит ҳам ўлади. Лекин уларнинг ўлими орасида фарқ бор. Ит нафси сабаб ўлса, йигит ҳамиятини, юртини, ор-номусини ҳимоя қилиб жон таслим этади. Йигит киши ўз элини, Ватанини, шон-шавкатини, дин-диёнатини, она тупроғини кўз қорачиғидек асраш йўлида вафот этса, бу шарафли ўлимдир. Авлодларнинг эрки, тинч ва осойишта яшашидан улуғ неъмат борми ўзи”.
Хулоса сифатида айтиш жоизки, буюк саркардаларнинг ҳарбий даҳоси қуйидаги жиҳатларда намоён бўлган:
мунтазам қўшин тузиб, аскарларнинг жасурлиги, ҳарбий тайёргарлиги, жисмоний ва айниқса, маънавий тарбиясига катта эътибор қаратилган;
улар доим қўшиннинг олдинги сафида йўл бошлаб, оғир нуқталарда шахсий намуна ва қаҳрамонлик кўрсатган;
жангсиз ҳам стратег сифатида тактика, манёвр ва руҳий ҳужумларни ўз ўрнида ишлатиб ғалабага эришган;
буюк саркардалар душман билан “султоний” (“яккама-якка”) жангга чорлаш орқали жанг тақдирини ҳал қилган;
кучлар нисбати нотенг бўлган жангларга кириб, ҳарбий ҳийлалар ишлатиб, ажойиб ғалабаларни қўлга киритган;
жангларга карнай-сурнай садолари остида, давлат байроҚини ҳилпиратиб, шердек наъра тортиб, шиддат билан “Ур-ҳо, ур!” деб, қўққисдан шиддатли ҳужум қилишган, душман кучларини ёйиб ташлашган, уларни тарқоқ бўлакларга бўлиб яксон қилишган ва муваффақиятга эришишган;
жанговар тартиби (ёсол) такомиллаштирилган, Амир Темур оғир қуролли (зирҳланган) отлиқларни жорий қилган, қўшин 7 қисмга ажратилиб, “қанбул” билан таъминланган, Бобур эса “тўлғама” тактикасини киритган;
саркардалар Шарқда янги ҳарбий техникаларни жорий этганлар. Амир Темур Шарқда биринчилардан бўлиб ўточар қуролни, Бобур ҳар бир инновацион Қояларда шахсан иштирок этган ва натижада катта тўппонча — “тўфак”, “фаранги тўпи” ҳамда “зарбзан қурол”ни яратган;
жангдан олдин саркардаларнинг аскарларни руҳлантириш учун ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган ва жанголди нутқлари бўлган;
вазиятни тез пайқаб олувчи стратег сифатида рақибларининг заиф томонларини сезгирлик билан аниқлаб, қийинчиликлардан қўрқмай, оғир шароитда ҳам қатъий мардона қарорлар қабул қила олганлар;
улар ҳимматли ва саховатпеша подшоҳ бўлганлар. Уларнинг инсонларга муруввати, кечиримлилиги ва шафқати кенг бўлиб, ҳатто душманларга ҳам мурувват кўрсатганлар.
Буюк саркардаларнинг ҳарбий маҳорати ва машҳур жанглари, жаҳон ҳарбий санъати ривожига қўшган ҳиссаси ҳали-ҳамон Ватанимиз ва хориж шарқшунослигида махсус тадқиқот мавзуси сифатида ўрганиб келинмоқда. Ушбу ҳарбий меросни тарихий манбалар асосида илмий тадқиқ этиш, жаҳон ҳарбий меросига қўшган ҳиссасига баҳо бериш — бугунги ҳарбий тарихнинг муҳим ва долзарб масалаларидан.
“Ҳаётнинг ўзи чевар”, дейди халқимиз. Бу ҳикмат руҳини бугунги ҳаётимиз билан боғласак, дунё силкиниб, тўлғаниб турган бир замонда янги Ўзбекистондаги осойишталик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг қадри янада ошаверади. Шу сабабли таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш, Қуролли Кучларни янада ривожлантириш йўлида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, жумладан, барча қўшинда ҳамкорликдаги ҳозиржавоб ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалар бўлиб қолади.
Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини, миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиш, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш устувор вазифалари белгиланган.
Бу каби чора-тадбирлар замирида ҳам катта ҳаётий ҳақиқат турибди. Гап шундаки, мамлакат мудофаа салоҳияти қанчалик қудратли ва халқ билан бир тану бир жон бўлса, одамлар хотиржам яшайди. Хотиржамлик эса улуғвор режа-мақсадларни амалга оширишга ундайди.
Дилшод Чориев,
Ўзбекистон Республикаси
Қуролли Кучлари Ҳарбий мерос ва
замонавий тадқиқотлар институти
бош илмий ходими, полковник