Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари Марказий Осиёда соғлом ва барқарор муҳитни яратишга қаратилган
Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари Марказий Осиёда соғлом ва барқарор муҳитни яратишга қаратилган
Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари жиддий даражада сезилмоқда. Минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Фавқулодда иссиқ кунларнинг сони икки баробар ортиши ва музликлар майдонининг учдан бир қисми йўқолиши кузатилмоқда. Сўнгги 30 йилда Марказий Осиёда исиш суръати дунё бўйлаб ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, ўртача йиллик ҳарорат 0,5 даражага ошган. Прогнозларга кўра, 2085 йилгача ҳарорат 2,0-5,7 даражага ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон атроф-муҳит сифатини яхшилаш ва экологик муаммоларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш учун фаол саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Хусусан:
Халқаро ҳамкорлик доирасида
Ҳозирги вақтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик зарурати барча мамлакатларнинг бир-бирига бўлган экологик боғлиқлигининг ўсиб бориши билан белгиланади. Озон қатламининг бузилиши, атмосфера ва океанларнинг ифлосланиши ҳамда сайёрамиздаги ҳароратнинг кўтарилиши экологик хавфли фаолиятга йўл қўйилган мамлакатларга эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятига ўз таъсирини кўрсатади. Шу сабабли бугунги кунда қатор давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан экологик хафвсизлик масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундай ҳамкорлик халқаро ҳамжамият томонидан умумэътироф этилган қатор тамойилларга асосланади. Улар қисман давлатлараро шартномалар ва актларда, халқаро ташкилотларнинг норматив ҳужжатларида ўз аксини топган ва, асосан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бу соҳада давлатлар ҳамда халқлар ўртасидаги ҳамкорликни тартибга солишга бағишланган энг муҳим халқаро конференциялар қарорларида умумлаштирилган.
Айнан шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун минтақани бирлаштиришга қаратилган муҳим иқлим ташаббусларини фаол илгари сурмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу ғоялари минтақа мамлакатлари томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда.
Марказий Осиё учун ягона иқлим кун тартибини шакллантиришнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон томонидан давлат раҳбарларининг 5-йиғилишида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Минтақавий стратегия ишлаб чиқиш ташаббуси эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари экология вазирлари даражасидаги кўп томонлама платформа – «Марказий Осиё иқлим мулоқоти»ни ташкил этишни таклиф қилди, у эса, Марказий Осиё мамлакатларининг «яшил» ривожланиш йўлида интеграцияловчи бўғин бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (СOP28) ҳам бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, Президентимиз Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди. Шу билан бирга, Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳимлигини қайд этди. Ушбу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан «Катта еттилик» ва «Катта йигирмалик» форматлари кун тартибларида кўриб чиқиб боришни таклиф қилди.
Мамлакатимиздаги экологик ислоҳотлар доирасида
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси
Ўзбекистон 2019–2030 йилларга мўлжалланган «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қабул қилди. Мазкур стратегиянинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
Табиий ресурсларни асраб-авайлаш: Суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув тежамкор технологияларни жорий этиш.
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш: Қуёш, шамол ва биомасса энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш.
Иқтисодиёт тармоқларида тежамкор воситаларни жорий этиш: Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида энергия самарадорлигини ошириш.
Экологик қонунчиликни такомиллаштириш
Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш учун қонунчилик ҳам такомиллаштирилмоқда. Бу қонунлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган.
«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси
«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 205 миллион доллардан ортиқ бўлиб, у 6 йил давомида амалга оширилиб борилади. Мақсадлар қаторига ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барқарор бошқарувни жорий этиш ва экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш каби вазифаларнинг ҳам киритилганлиги муҳим аҳамиятга эга.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси
2023 йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон Президентининг Фармони билан қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш доирасидаги ислоҳотлар устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланди. Стратегия доирасида қатор чора-тадбирлар назарда тутилган бўлиб, улар самарали амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан,
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси
2024 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тадбирларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги 144–Ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг экологиясини яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида қатор муҳим ташаббусларни ўз ичига олган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида Республика бўйича 138,1 миллион туп дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу кўрсаткич режага нисбатан 110,5 фоизни ташкил этди. Лойиҳанинг ушбу қисми нафақат экологияни яхшилаш, балки шаҳарларимизнинг эстетик кўринишини яхшилашга ҳам қаратилган.
«Яшил боғлар» ва «Яшил белбоғлар»
Ҳусусан, 257 та «Яшил боғлар» барпо этилди, уларнинг умумий сони 517 тага етди. Шунингдек, саноат корхоналари ҳудудлари ва атрофида 5,3 миллион туп дарахт кўчатларини экиш орқали «Яшил белбоғлар» ташкил қилинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар саноат корхоналарининг таъсирини камайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида амалга оширилди.
Ташкилот ва идораларнинг ташаббуслари
Юқоридаги эътироф этилган ишлар бўйича вазирлик ва идоралар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, Мудофаа вазирлиги 100 гектар, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги 65 гектардан боғ яратди. Ушбу саъй-ҳаракатлар лойиҳанинг кенг қамровли ва барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дарахт экиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш
Юртимизда автомобиль ва темир йўл бўйлари, дарё ва канал ёқалари, саноат корхоналари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари атрофида ҳам дарахтлар экилиши йўлга қўйилган. Булар, айниқса, транспорт ва саноатнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.
Юртимизда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 2024 йил 1 июль ҳолатига 38,1 фоизни ташкил этди, февраль ҳолатига бундай корхоналар сони 313 тани ташкил этди.
Чиқиндиларни қайта ишлаш ва полигонлар
Чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилмоқда. Ҳар бир вилоятда жойлашуви қулай бўлган 3-4 тадан полигон махсус эко-саноат зонасига айлантирилиб, қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қолган полигонларда чиқиндини вақтинча тўплаб, қайта юклайдиган станцияларни ишга тушириш бўйича янги амалиёт қўлланилмоқда. Ресурсини ўтаб бўлган полигонлар ёпилиб, уларнинг атрофида терак, тут, гужум ва заранг экилиб, «яшил белбоғлар» барпо этилмоқда.
Умуман олганда, мазкур лойиҳалар мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳалар орқали Ўзбекистон экологик барқарорликка эришишга ва яшаш сифатининг яхшиланишига интилаётганини кўрсатади.
Авазбек Халбеков
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлими бошлиғи