Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тарафдори
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тарафдори
Сўнгги йилларда сув хавфсизлигини таъминлаш масаласи Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири айнан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаcи бўлиб қолмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, шу жумладан, минтақа давлатлари билан турли йўналишлар, айниқса, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги яқин ҳамкорликни кучайтириш (91-мақсад) ҳамда мамлакатимизда сув билан боғлиқ муаммоларга босқичма-босқич ечимлар топиш (62-73-мақсадлар) устувор мақсадлар сифатида қайд этилган.
Марказий Осиёнинг муҳим сув ресурсларининг катта қисми Тянь-Шан, Ҳиндукуш ва Помир тоғларидаги қор ва музликларнинг эриши натижасида юзага келади ва умумий сув манбаларида, асосан, Сирдарё ва Амударёда бирлашади. Шу ўрида қайд этиш лозимки, Марказий Осиё аҳолисининг аксарияти қишлоқ хўжалиги фаолияти билан бандлиги, минтақанинг энергияга бўлган эҳтиёжларининг салмоқли улуши гидроэнергетика ресурслари ҳисобидан қондирилиши ҳамда демографик кўрсаткичларнинг йил сайин ўсиб бориши сувга бўлган талабни янада ортишига олиб келмоқда.
Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришган илк кундан бошлаб, трансчегаравий сув ресурслари соҳасидаги вазиятни таҳлил қилишга ва бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга киришди. Бунда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан дастлабки муҳим сиёсий қадам – Марказий Осиё давлатлари миллий сув хўжалиги идораларининг раҳбарлари тамонидан 1991 йил 12 октябрда Тошкент баёноти қабул қилинди. Ушбу ҳолат минтақа давлатлари ўртасида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги музокаралар жараёнининг бошланғич нуқтаси бўлиб, бунинг натижаси ўлароқ 1992 йилнинг 18 февралида Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида “Давлатлараро сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни биргаликда бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги ҳукуматлараро битим ва “Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳужжат имзоланди.
Шу ўринда қайд этиз жоизки, Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссия таркибига котибият, Сирдарё ва Амударёнинг иккита ҳавза ташкилоти ва илмий-ахборот маркази кириб, у Марказий Осиёдаги сув хўжалиги сиёсати, сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, узоқ муддатга мўлжалланган сув таъминоти дастури, минтақадаги ҳар бир республика сувдан фойдаланиши учун йиллик меъёрларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Қолаверса, 1993 йил март ойида минтақа давлатлари раҳбарлари ҳамкорлигида Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозга барҳам бериш ва сув билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тузилди. Унинг 1993 йил 13 июль куни Тошкентда ўтказилган биринчи йиғилишида “Орол денгизи муаммоларини ҳал этиш концепцияси” ишлаб чиқилди. Жамғарманинг ўзига хослиги шундаки, у минтақада сувдан фойдаланиш билан боғлиқ долзарб масалаларини биргаликда ҳал этиш механизми ҳисобланади.
Бугунги кунда сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича минтақа давлатларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш ва умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг роли тобора ортиб бормоқда. Айниқса, 2016 йилда Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши Марказий Осиёдаги сув муносабатларининг кескин бурилиш нуқтаси бўлди. Расмий Тошкент сув муаммоларини ҳал этиш учун қўшни мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама форматларда муносабатларни ривожлантирди ҳамда сув хавфсизлигини таъминлаш борасида минтақавий ёндашув ва ташаббусларни илгари сура бошлади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёнинг трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда сув хавфсизлиги билан боғлиқ барча масалаларни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, ўзаро ҳурмат ва минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш ва ҳал этишни изчил тарғиб қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг минтақа давлатлари билан икки томонлама ҳамкорлиги ҳақида сўз юритганда, аввало, трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида жойлашган давлатлар – Тожикистон ва Қирғизистон билан сув муносабалари хусусида тўхталиб ўтиш лозим. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати Тожикистондаги Роғун ГЭСини қуришда республиканинг миллий манфаатлари ҳисобга олиниши шарти билан уни қўллаб-қувватлай бошлади. 2018 йилда томонлар Фарход ГЭС масаласида ҳам умумий келишувга эришиб, бу давлатлатлараро муносабатларининг тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. Икки давлат ўртасида Зарафшон дарёси ҳавзасидаги сув-энергетика ресурсларидан (Самарқанд, Навоий, қисман Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги 560 минг гектар унумдор суғориладиган ерларни суғориш манбаи) биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Томонлар биргаликда ушбу дарёда умумий қуввати 320 МВт бўлган иккита ГЭС қуришга келишди. Шу билан биргаликда, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Тожикистон сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи йиғилишида икки давлат ўртасида сув хўжалиги соҳасида янги қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари, хусусан, минтақа ва Осиё қитъасининг бошқа мамлакатларини тоза ичимлик суви билан таъминланиш учун Сарез кўли ресурсларидан биргаликда фойдаланиш муҳокама қилинди.
Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон томони Қирғизистон билан ҳам сув муносабатлари борасида бир қатор битимларни имзолади. Бунинг ёрқин мисоли сифатида 2019 йилда Каркидон сув омбори бўйича ўзаро манфаатли келишувга эриганлигини ҳамда 2022 йилда икки давлат ўртасида Андижон (Кампир-Обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимнинг имзоланишини келтириш мумкин. Қолаверса, расмий Тошкент Қирғизистонда ҳам гидроиншоотлар қурилишида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Натижада, 2024 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ва эксплуатацияси лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик бўйича уч томонлама битим имзолаб, уни қуриш бўйича Мувофиқлаштирувчи донорлик қўмитаси тузилди ҳамда унинг таркибига Жаҳон банки, ОПЕК фонди, ОИИБ, ОТБ, ИТБ, ЕТТБ ва бошқалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш борасида нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама алоқаларни ҳам жадаллаштириш лозимлигини таъкидлаб, минтақада доирасидаги учрашувларда бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, Марказий Осиёда сув муаммоларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистоннинг расмий ҳукумати ташаббуси билан минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги олий даражадаги учрашув 2021 йилнинг 6 августида Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу учрашув якунига кўра, Марказий Осиёдаги бешта республика доирасида Қўшма баёнот имзоланиб, бунда минтақада жойлашган давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, сув-энергетика масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда мавжуд ва қурилаётган гидроэнергетика иншоотларининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Бундай ёндашув эса минтақада трансчегаравий сувлардан фойдаланиш соҳасида умумий манфаатларни белгилаш бошланганидан далолат беради.
Умуман олганда, Туркманбошида бошланган учрашув якуни мавжуд мураккаб вазиятда қўшни давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси бўла олди. Бунда Ўзбекистон ва Қозоғистон қиш мавсуми бошида Қирғизистонга вегетация даврида Тўхтагул ГЭСидан сув оқими эвазига зарур ҳажмдаги электр энергиясини етказиб беришга келишувга эришилди. Бунинг натижасида эса Туркманистондан Қирғизистонга қўшимча энергия оқимлари республикамиз ҳудуди орқали транзит сифатида жўнатилиши йўлга қўйилди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон давлат раҳбарларининг 2023 йил 4 август куни Ашхободда ўтказилган юқори даражадаги учрашувининг асосий мақсади ҳам Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш масаласини келишиб олишга қаратилган эди. Жумладан, ушбу йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев минтақада сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи билан чиқди. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари нафақат Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг салоҳиятини ишга солган ҳолда, балки Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш лозим эканлигини ўз нутқида келтирди.
Жорий йилнинг август ойида Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувидаги навбатдаги саммитда Ш.М. Мирзиёев “Трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий стратегияси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини илгари сурди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Марказий Осиёдаги мавжуд трансчегаравий сувлардан унумли фойдаланишга, бу борада минтақавий ёндашувнинг шаклланиши ва ривожланишига ва умуман олганда, сув хавсизлигини таъминлаш борасида минтақа давлатларининг ягона сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратади.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш борасида сўз юритганда “Қўштепа” каналининг қурилишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Мазкур каналнинг тўлиқ ишга тушиши ва Афғонистон томонининг сув борасидаги бир томонлама сиёсат юритиши минтақадаги мавжуд вазиятни янада оғирлаштиришига олиб келиши ҳамда сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 15 сентябрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида “Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарурлигини ҳамда Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиёда сув билан боғлиқ кузатилаётган муаммолар мувофиқлаштирилган ва изчил чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Минтақада сув хавфсизлигини самарали таъминлашда давлатларнинг нафақат миллий, балки минтақавий даражада сиёсатни олиб бориши ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириши лозим саналади. Ушбу воқеликни англаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳам минтақа давлатлари билан икки ва кўп томонлама сув муносабатларини ривожлантираётганлиги яқин келажакда Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиши мумкин.
с.ф.ф.д. (PhD), доцент Гуламов А.Г.