Рим йўллари Самарқандга бошлади

Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни давлатимиз раҳбари кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлди.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, дунёга машҳур Регистон майдони буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини акс эттирувчи мамлакатимизнинг асосий ташриф қоғозидир. Мажмуадаги Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўзининг улуғворлиги, бой тарихи ва бетакрор меъморчилиги билан юртимиз меҳмонларида чуқур таассурот қолдирмоқда.
Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ шаҳарсозлиги дурдонасининг қурилиш тарихи, меъморий ечимлари ва безакларининг ўзига хос жиҳатлари, ушбу маскан билан боғлиқ муҳим воқеалар ва шахслар, шунингдек, ўзбек халқининг маданий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сўнгра давлат раҳбарлари "Silk Road Samarkand" халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик боғида бўлдилар. Халқимизнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмалар томоша қилинди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур намойиш этилди.
Дунё тарихчилари, шарқшунослар тилида шундай гап бор: Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд. Бу билан икки минтақа цивилизациясида ушбу икки қадимий шаҳар қанчалик муҳим роль ўйнагани эътироф этилади. Ҳалигача Ўзбекистон ва Италия тарихчилари, археологлари Самарқанд ва Рим мисолида давлатлар ўртасидаги алоқалар ўтмиши билан қизиқади, бу борада тадқиқотлар олиб борилади. Жумладан, бир неча йилдан буён Ўзбекистон ва италиялик археологлар Самарқанд шаҳри яқинидаги Кофирқалъа археологик ёдгорлигини ўрганмоқда.
Илк ўрта асрларга оид мазкур обида Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи бўлган. Бу ердан V-VIII асрларга оид кумуш тангалар, муҳр ва бошқа ашёлар топилган.
2023 йилда юртимизга расмий ташриф билан келган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла мазкур қўшма экспедиция фаолияти билан танишиб, улар ишига муваффақият тилаган эди.
Бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасалари Италия университетлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бунинг натижасида охирги 2 йилда 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз Италия олий ўқув юртларида стажировка ўтади. Ҳозир мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида 700 нафардан ортиқ талаба итальян тилини ўрганмоқда. Бугунги кунга келиб, икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари 50 дан ортиқ ўзаро келишувлар асосида ҳамкорлик қилмоқда.
Яқинда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган давра суҳбатида икки давлатдаги ўттизга яқин олий таълим муассасалари ректорлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этиб, ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини муҳокама қилди. Олий таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Дарвоқе, бир неча минг йиллик тарихга эга Рим дунёнинг қадимий цивилизация марказларидан бири бўлгани боис маданий ва сиёсий мулоқотларда “Барча йўллар Римга элтади” деган ибора пайдо бўлган. Бугун бу таърифни ер юзининг сайқали, Шарқ ва Ғарбни боғлаган қадимий кентга нисбатан қўллаб, барча йўллар Самарқандга бошлайди, деб айтсак муболаға бўлмайди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 29 май куни бўлиб ўтади.
Самарқанд шаҳридаги олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон– Италия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Инновацион ҳамкорлик ва гуманитар алмашинув лойиҳаларини илгари суриш диққат марказида бўлади.
Якунда икки томонлама битимлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА махсус мухбирлари