Ўзбекистон – Италия: Муносабатларнинг тарихий бурилиш даври

“Secolo d'italia” нашри Самарқанддаги кўчалардан бирига Рим номи берилганини Италия халқи ва Мелонига кўрсатилган рамзий ҳурмат сифатида баҳолади. Бу ҳодиса икки халқ ўртасидаги тарихий ришта, маданий яқинлик ва ўзаро ишончнинг ёрқин ифодаси экани таъкидланди.
Нашрда Ўзбекистоннинг қадимий мероси, Самарқанднинг бетакрор меъморчилиги ва меҳмондўстлиги олқишланган. Бинобарин, Мелони ҳам ўз чиқишида диёримизни “Марказий Осиёнинг юраги” деб атаб, юртимизнинг бой маданияти, замонавий тараққиётини юқори баҳолади.
“Agenzia Nova” мақоласида эса асосий эътибор иқтисодий йўналишга қаратилган. Нашр Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий сармоядорлар учун жозибали бозорга айлангани, бюрократик тўсиқлар камайтирилгани, бизнес муҳитини яхшилашга эришилгани ҳақида ёзади. Италия ҳукумати раҳбарининг сафари давомида имзоланган шартномалар энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, саноат ва технологияр соҳаларини қамраб олган ҳолда, республикамиз иқтисодий салоҳиятини яққол кўрсатди. Италия томони ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, келажакда алоқаларни янада кенгайтириш ниятида эканини очиқ билдирди.
“Italia Oggi” саҳифаларида чиққан мақола муаллифи эса Ўзбекистоннинг ислоҳотларга содиқлиги, инновация ва рақамли технологияни ривожлантиришга интилишига урғу берган. Италия компаниялари учун бозоримизда энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш, АТ соҳаларида кенг имкониятлар борлиги қайд этилган. Ўзбекистон ҳам ўз навбатида Италияни Европа билан боғлайдиган муҳим ҳамкор сифатида қадрлаётгани эътироф этилган.
Умуман, Италия матбуотида чиққан материалларда илиқ оҳанг, эътироф ва умид ифодаси яққол кўринади. Ўзбекистон халқаро майдонда самарали сиёсат юритаётгани, барқарорликка интилаётгани, глобал шерикликка тайёр давлат сифатида намоён бўлаётгани таъкидланади. Мелонининг сафари икки халқни нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маданий жиҳатдан ҳам яқинлаштирган воқеа сифатида баҳоланади.
Умуман, бу воқеа давлатимизнинг Европа жамоатчилиги тасаввуридаги ижобий имижини мустаҳкамлайди. Зеро, бугунги Ўзбекистон дунёга очиқ, ислоҳотлар йўлида собит ва қатъий, халқаро ҳамкорликка доим тайёр.
Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА