Ўзбекистон Президенти "Euronews" директорлар кенгаши раиси Педро Варгасни қабул қилди

Ушбу етакчи компания билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, "Euronews"нинг кенг аудиториясини Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатда рўй бераётган муҳим сиёсий-иқтисодий жараёнлар, шунингдек, унинг инвестицион ва туризм салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари қўшма ахборот лойиҳаларини амалга ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларни, шунингдек, "Euronews" Тошкент шаҳрида ўз офисини очишни режалаштираётганини олқишлади.
"Euronews Academy" дастури доирасида ўзбекистонлик журналистларни илғор профессионал стандартлар асосида ўқитиш режалари қўллаб-қувватланди.
Барча истиқболли йўналишлар бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлашга келишиб олинди.