Ўзбекистон – Мўғулистон: туризм соҳасида ҳамкорлик ривожланади

Таъкидланишича, форумда икки ўлканинг 150 дан ортиқ туризм соҳаси вакиллари иштирок этган.
Йиғинда ушбу мамлакатнинг Сайёҳлик ассоциацияси раҳбари Дамбин Гантумур Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўтган йили Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олганини таъкидлади. У шунингдек, Мўғулистон ва Ўзбекистон нафақат ўхшаш тарих ва маданият, балки улар босиб ўтган йўлни акс эттирувчи умумий қадриятларга урғу берган.
– Ўзбекистон туризмни, жумладан, бой тарихий-маданий меросни сақлаш ва ривожлантириш бўйича катта тажрибага эга, -деди Дамбин Гантумур. – Бундан ташқари, юртингизда туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар соҳанинг барқарор ўсишига туртки бермоқда. Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки маданий ва дипломатик жиҳатдан ҳам фойдали. Мазкур алоқалар икки халқ ўртасида дўстликни мустаҳкамлаб, янги истиқболлар эшигини очади.
Хабарда ёзилишича, Тошкентдаги “Ипак йўлида туризм” халқаро кўргазмаси доирасида мамлакатларимиз ўртасида туроператорлар учун танишув турларини ташкил этиш ва ўзаро тажриба алмашиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2023 йилда икки давлат ўртасида ҳаво қатновининг ҳуқуқий асослари яратилган. Ҳозирда тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Келгусида томонлар қўшма сайёҳлик пакетларини ишлаб чиқиш, сармоявий муҳитни яхшилаш ва хусусий секторни янада қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратишади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА