Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчисини таваллуд куни билан табриклади

Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва изчил ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Туркман халқининг миллий етакчиси Ўзбекистон Президентига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказди.
Кейинги йилларда, энг аввало, мамлакатларимиз етакчиларининг мунтазам учрашувлари туфайли икки томонлама ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Идоралар ўртасида яқин ва сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилган, товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортмоқда. Муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, жумладан, "Шовот - Тошовуз" чегараолди савдо зонаси қурилиши якунланмоқда. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар амалга оширилмоқда. Қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари, Ҳудудлараро форумни ўтказиш режалаштирилган.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.