Иордания ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги инвестиция муҳити билан батафсил таништирилмоқда

Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Еаъруб Қудод билан ҳам самарали учрашув ташкил этилиб, савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқа йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди. Саноат кооперацияси ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича маҳорат алмашинувига алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқотнинг асосий натижаси сифатида ўзаро Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлашга келишиб олинди.
Дастурга мувофиқ, мезбон мулозимлар — рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорлик вазири Сами Сумайрат, Қирол Ҳусайн номидаги бизнес парки бош директори Аммар Изиддин, Саноат палатаси раиси муҳандис Фатҳи ал- Жағбир, шунингдек мамлакатнинг етакчи компаниялари — "National Arab Mining", "Zarhat", "Arab Pesticides and Veterinary Drugs Manufacturing", "Jordan Phosphate Mines", "Grow Tech", "Classic Fashion Apparel Industry" каби корхоналар раҳбарлари билан ҳам музокара ўтказилди.
Кун якунида Иордания Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда фармацевтика, кимё, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари соҳаларида фаолият юритувчи 20 дан зиёд жамоа иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу давлат ишбилармон доиралари республикамиз инвестиция муҳитига доир амалий жиҳатлар билан батафсил таништирилди. Истиқболли тайёр лойиҳалар таклиф этилди, шерикликнинг аниқ йўналишлари келишиб олинди.
Г.Сатторова, ЎзА