Кувайтлик ишбилармонлар билан онлайн мулоқот ўтказилди

Онлайн учрашувда жорий йил 18–24 декабрь кунлари ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган "Kuwait International Gold & Jewelry Exhibition" халқаро кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси иштироки муҳокама қилинди.
Кўргазмага тайёргарлик доирасида "Made in Uzbekistan" павильони дизайни, тўловлар, иштирок этиш шартлари, хавфсизлик масалалари ва бошқа ташкилий масалалар келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Кувайтнинг "Gulf Care General Trad. Co. W.L.L." компанияси раҳбарияти иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат жараёнида жорий йил 17–18 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кувайт Давлатига расмий ташрифи доирасида эришилган келишувлар бўйича Йўл харитасига киритилган "Gulf Care General Trading" компанияси иштирокидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
"Gulf Care General Trading" компанияси томонидан Фарғона шаҳрида диагностика лаборатория марказини ишга тушириш мақсадида Нидерландия, Ҳиндистон ва Хитойдан ускуналар келтирилган. 2025 йил 29 августда Марказ фаолиятини бошлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли лицензия тақдим этилди.
Томонлар суҳбат жараёнида турар-жой, бизнес марказ қуриш лойиҳасини амалга ошириш, Фарғона вилоятидаги "Export Import Qualiti" корхонаси билан ҳамкорликда кўп тармоқли шифохона бунёд этиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашишди.