Иқтисоддан маданиятгача – Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлигида янги имкониятлар эшиги очилмоқда

Кўксарой қароргоҳида 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Туркманистон алоқалари тарихий қардошлик ва маданий яқинлик анъаналарига суянган ҳолда шаклланган.
Икки халқ орасидаги қалб очиқлиги ва ўзаро ҳурмат ҳар доим сезилиб туради. Бу, хусусан, давлатлараро сиёсатда, чегара ҳудудларидаги оддий одамларнинг кундалик мулоқотида, бир-бирини қўллаб-қувватлаш маданиятида яққол намоён бўлади.
Сўнгги йилларда ижобий динамика янада жонланди. Шунчаки рақамлар ёки расмий кўрсаткичлар эмас икки мамлакатнинг манфаатлари муштараклиги ифода этилмоқда. Савдо айланмаси жадал ўсиши, қўшма лойиҳалар кўпайиши, транспорт ва логистика йўналишларининг фаол ривожланиши ўзаро ишонч ва очиқликнинг амалиётдаги аксидир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатлари Марказий Осиёда барқарорлик, яқинлик ва бирдамликни таъминловчи муҳим таянч нуқталардан бирига айланиб бормоқда.
Ушбу давлат ташрифи сўнгги йилларда намунали тус олган Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Барча соҳаларда эришилаётган ижобий суръат ва фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, шунингдек, маданий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ташриф арафасида Урганч ҳамда Тошкентда ўтказилган Туркманистон маданияти кунлари ва фильмлари намойишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми ошди. Юк ташиш ортиб бормоқда, жумладан, Туркманбоши портидан фойдаланиш фаоллашган.
Музокараларда ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат, энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ўтказишга келишиб олинди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари кенгайтирилган таркибда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.
Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси Туркманистон Президентининг давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди.
– Шубҳасиз, ушбу ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссаси бор, – деди Президентимиз.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки бараварга кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди. Маҳсулотлар турини кенгайтириш ва эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
“Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши ҳам товар айирбошлашни кўпайтиришга хизмат қилади. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда, “Олот-Фараб” ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янада кенгроқ лойиҳаларга ўтиш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди.
Транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётларини боғлайдиган муҳим бўғин ҳисобланади. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олдилар.
Эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари ўтказилади.
Етакчилар гуманитар соҳа кўп қиррали алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигига урғу бердилар.
Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш учун томонлар ўзаро концертлар ва театрларнинг ижодий сафарларини мунтазам равишда ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш ва биргаликда фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар.
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани борасидаги алмашинувлар фаоллашади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан масъулларга топшириқ бердилар.
Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов “Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.
Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.
Бу ерда “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, шунингдек, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.
Зона фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Туркманистон Президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ютуқларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.
– Сиз отангиз, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатингизда халқ фаровонлигини таъминлаш учун ишончли пойдевор яратаётган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
Жорий йилда Туркманистонда “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” ҳамда мамлакат Бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар ўтказилмоқда.
Сердар Бердимуҳамедовнинг кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси мамнуният билан қайд этилди. Бу, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳар томонлама ривож топаётганидир. Улкан лойиҳа – “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси ишга туширилди. Энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда.
Мазкур мукофот мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айланиши қайд этилди. Ўз навбатида, Туркманистон Президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқига юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини таъкидлади.
Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди:
– Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги шартнома;
– Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
– Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим;
– Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;
– Халқаро автомобилда йўловчи ва юк ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;
– Адлия вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Маданият соҳасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Нефть маҳсулотлари ва суюқ кимёвий юкларни ташиш учун темир йўл вагонларини етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
– Биологик хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти ўртасида Ўзбекистон – Туркманистон экспертлар кенгашини тузиш тўғрисидаги меморандум;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
– Ўрмон хўжалиги соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”;
– Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан Лебап вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан Ахал вилояти ҳокимлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан Тошҳовуз вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Президентимиз ушбу тарихий давлат ташрифи қардош мамлакатларимизнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаб, уни янги марраларга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда биргаликдаги ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Савдо-иқтисодий ва кооперация алоқаларини кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Бунда бугун ишга туширилган “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси алоҳида ўрин тутади. Томонлар ушбу тажрибани бошқа чегараолди ҳудудларда, энг аввало, “Олот-Фароб” ҳудудида қўллаш ниятида.
Минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш мақсадида ҳукуматларга автомобиль, темир йўл ва денгиз орқали ташувларни ривожлантириш, Туркманбоши халқаро денгиз портидан биргаликда фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Энергетика масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергиясининг етказиб берилиши ва транзити бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, икки мамлакат ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатъий интилиш борлиги таъкидланди.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Яна бир устувор йўналиш – ҳудудлараро ҳамкорлик. Бухоро ва Туркманобод шаҳарларида ҳудудлар форумлари муваффақиятли ўтказилди. Яқинда Хивада икки мамлакатнинг барча вилоятлари иштирокида учинчи форум бўлиб ўтади.
Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилди.
Куни кеча Тошкент шаҳрида ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувининг якунлари минтақада интеграция жараёнлари ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Якунда ҳамкорликни жадал ривожлантириш, қардош мамлакатларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида улкан натижаларга эришишга ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди.
Шу куни Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратилди. Она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган Мустақиллик монументи Туркманистон Президенти ва делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Президент Сердар Бердимуҳамедовни “Тошкент-Хумо” халқаро аэропортида кузатиб қўйди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари