Орол бўйида иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирлари
Орол денгизининг қуриши натижасида ҳудудда микроиқлимнинг кескин ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ошиши, ёғингарчилик миқдорининг камайиши, шамол фаоллигининг ортиши ҳамда чанг-тўзонли бўронлар сонининг кўпайиши кузатилмоқда. Бу жараёнлар ер ресурслари деградацияси, сув танқислиги ва биохилмахилликнинг камайишига олиб келмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги самарадорлиги пасайиб, ичимлик сув таъминотига босим ортмоқда ҳамда аҳоли саломатлигига жиддий хавф юзага келмоқда.
Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирлари, энг аввало, сув ресурсларини барқарор бошқариш, гидротехник инфратузилмани мустаҳкамлаш, қуриган денгиз тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш, ер деградациясини камайтириш, биоxилмахилликни сақлаш ҳамда аҳолининг иқлимга чидамлилигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Янги Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва иқлимга мослашиш бўйича халқаро доирада кўплаб ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида» махсус резолюция қабул қилинди.
Бугунги кунда Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш, яшил инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳолининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган дастурлар изчил амалга оширилаяпти. Бу Орол денгизининг қуриши билан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий оқибатларга қарши курашиш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш, минтақада яшовчи аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш шароити яхшиланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон раҳбари 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидлади. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилгани, 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилиниши айтиб ўтилди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) — иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқувчи муҳим институционал марказ ҳисобланади.
Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш чора-тадбирларини амалга оширишда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тизимида фаолият юритаётган ОҚХЖ агентлиги муҳим ўрин тутади.
Жумладан, “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо этиш (II босқич)” лойиҳаси доирасида кўллар тизимини барқарор сув билан таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди. Бу орқали сув ресурсларини қайта тақсимлаш, гидрологик режимни тартибга солиш ҳамда ҳудуднинг экологик мувозанатини мустаҳкамлашга эришилмоқда.
Шу билан бирга, “Муйнoқ” каналининг реконструкция қилиниши натижасида унинг сув ўтказиш қобилияти сезиларли даражада оширилди. Сув тақсимоти самарадорлиги яхшиланди, кўлларнинг сув билан таъминланиши барқарорлашди ва сув йўқотишлари сезиларли даражада қисқартирилди.
Бундан ташқари, “Рибачье” сув омбори дамбасини реконструкция қилиш ишлари доирасида гидротехник иншоотлар мустаҳкамланди, сув чиқариш тизимлари модернизация қилинди ҳамда эрозия хавфи сезиларли даражада камайтирилди. Бу эса сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Экологик тикланиш йўналишида Ахантай ва Аққум ҳудудларида ҳимоя ўрмонлари барпо этилмоқда. Қуриган денгиз тубида амалга оширилаётган ўрмон-мелиоратив тадбирлар шамол эрозияси ва туз кўчиш жараёнларини камайтиришга хизмат қилмоқда. Шу орқали ҳудудда микроиқлим барқарорлашиб, ландшафт деградациясининг олди олинмоқда.
Айни пайтда, экологик барқарорликни таъминлашда ижтимоий йўналиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда ёшлар ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган танловлар, маърифий акциялар ва тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли ва фермер хўжаликлари учун сув ва ер ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг замонавий моделлари жорий этилмоқда. Бу жараёнда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер ресурсларини самарали бошқариш, ерларни оқилона бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашган қишлоқ хўжалиги амалиётларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида нафақат экологик муаммоларни юмшатиш, балки аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва ҳудуднинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини кучайтиришга эришилмоқда.
Рақамли ва илмий ёндашув — иқлимга мослашишнинг янги босқичи
Ҳозирги босқичда иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнлари фақат анъанавий усуллар билан чекланиб қолмасдан, замонавий рақамли технологиялар ва илмий ёндашувлар билан уйғунлаштирилмоқда. Хусусан:
- гидрологик ва метеорологик маълумотларни реал вақтда мониторинг қилиш;
- сунъий йўлдош тасвирлари асосида ҳудудлар ҳолатини таҳлил қилиш;
- сув ресурсларини режалаштириш ва оптимал тақсимлаш;
- рақамли платформалар орқали маълумотларни йиғиш ва бошқариш кабилар жорий этилмоқда.
Бу ёндашувлар иқлим ўзгариши таъсирини барвақт аниқлаш, хавфларни камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шу билан бирга, Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларини самарали амалга оширишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) билан ҳамкорликда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва интеграциялашган ёндашувларни жорий этиш орқали ҳудуднинг иқлимга чидамлилигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Қўшимча равишда, Global Water Partnership (GWP) билан ҳамкорликда сув хавфсизлигини таъминлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмлари ривожлантирилмоқда, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида эса Оролбўйи сув-ботқоқ ҳудудларининг экотизимлари мониторинг қилиниб, иқлим ўзгариши таъсирини баҳолаш ва унга мослашиш чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш — бу фақат экологик муаммоларни бартараф этиш эмас, балки барқарор ривожланишга эришишнинг асосий шартидир.
Амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, илмий ёндашув, замонавий технологиялар ва институционал ҳамкорлик орқали ҳатто энг мураккаб экологик инқироз шароитида ҳам барқарор ечимларга эришиш мумкин.
Эндиликда асосий вазифа — иқлим ўзгаришига мослашишни ҳар бир соҳада устувор йўналиш сифатида қараш ва уни ҳаёт тарзимизга айлантиришдан иборат.
Чунки иқлимга мослашиш — бу фақат бугунги вазифа эмас, балки келажак авлодлар олдидаги стратегик масъулиятдир.
Биродаржон Бурхонжонов,
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси
агентлиги раҳбари.