Статистика тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади
Статистика тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди. Статистика тизими қанчалик ҳаққоний ва очиқ бўлса, ислоҳотлар шунчалик тўғри ва натижадор бўлади. Шу мақсадда сўнгги уч йилда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, инфляцияни ҳисоблаш усули халқаро стандартларга мослаштирилди, кузатувдаги товарлар таркиби кенгайтирилди. Давлат бюджети, ташқи қарз, олтин захираси ва табиий бойликлар ҳақидаги молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар очиқ эълон қилинмоқда.
Йиғилишда ҳудудлар ва тармоқлар статистикасини ўзаро мувофиқ шакллантириш, уларни ягона халқаро статистика тизими билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари бўйича халқаро ҳисоб механизми жорий этилиши белгиланди. Бусиз тиббий суғуртани амалиётга киритиб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамаси, Давлат статистика қўмитасига таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва яна қатор соҳалар статистикасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Давлат идораларининг статистикани шакллантириш жараёнини аудит қилиш бўйича ҳам кўрсатма берилди.
Жаҳон маълумот базаларида Ўзбекистоннинг тармоқ индикаторлари тўлиқ акс этмагани ачинарли ҳол. Шу муносабат билан, мутасаддиларга меҳнат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳалар бўйича халқаро базаларда мамлакатимиз кўрсаткичларини тўкис акс эттириш юзасидан топшириқлар берилди.
Яна бир муаммо шундаки, статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланмоқда. Уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилмоқда. Солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкин.
Шундан келиб чиқиб, тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда дастурий таъминотни янгилаш, солиқ, меҳнат, молия соҳаларида статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Бугунги кунда Марказий банк, Молия вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг соҳадаги фаолияти мувофиқлаштирилмайди. Аслида эса, статистик кўрсаткичларнинг 40 фоизи ушбу идоралар томонидан шакллантирилади.
Шу боис бу борадаги қонунни ва 17 йил аввал ташкил этилган Статистика кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, халқаро талаблар асосида мустақил статистика тизимини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. Жорий йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари аҳолини рўйхатга олиш статистикани шакллантиришда асосий манба экани, бунга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади.
Статистика қўмитасида махсус бўлинма ташкил этиб, хорижлик экспертларни жалб қилиш, қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш институти фаолиятини такомиллаштириб, аҳолини рўйхатга олишда қатнашадиган барча мутахассисларни ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сўнгги 5 йилда 318 нафар бакалавр ва 33 нафар магистр тайёрланган бўлиб, статистика идораларида уларнинг 10 фоизи ишламоқда, холос. Тизимдаги ходимларнинг 2 фоизигина статистика бўйича олий маълумотга эга. Шунингдек, 30 йил давомида атиги 1 нафар фан доктори, 11 нафар фан номзоди илмий иш ёқлаган.
Шу боис кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва статистика фанини ривожлантириш, соҳада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда ишлаб чиқилган Статистика тизимини ривожлантириш стратегияси тақдимоти ўтказилди. Давлатимиз раҳбари уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.