Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти
Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти
Фарғона шаҳрида “ЕХҲТнинг Любляна тавсиялари ва Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик сиёсати” мавзусида минтақавий давра суҳбати ўтказилди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссарининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Антон Томсен иштирок этди.
Унда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари миллий маданий марказлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда онлайн тарзда ЕХҲТ координаторлари қатнашди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Ҳотамов 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда миллатлараро бағрикенгликни, ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни таъминлаш йўлида вилоятда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Айни пайтда қарийб 4 миллион аҳоли умргузаронлик қилаётган Фарғона вилоятида тожик, қирғиз, рус, корейс, украин, татар, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, туркман каби турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Фарғона шаҳридаги Дўстлик уйида 8 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиши учун замонавий шароитлар яратиб берилган. Умуман олганда, вилоятда барча миллат ва элатлар ўз тили, урф-одат ва анъаналари, тарихи ва маданиятини ўрганиши, ривожлантириши учун тенг имкониятга эга. Маҳаллалар, турли маданият масканлари, таълим муассасаларида ташкил этилаётган тадбирлар миллатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг қайд этишича, миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар Фарғона вилояти тажрибаси мисолида бутун дунёга тарғиб қилишга арзийди.
Давра суҳбатида мавзуга оид маърузалар тингланди.