Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бугун Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан музокаралар ўтказди.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, икки томонлама ҳамда минтақавий бўлажак тадбирлар муҳокама қилинди.
Шарлотт Адриан Ўзбекистон билан сўнгги йилларда томонларни қизиқтирган кенг кўламли соҳаларда кузатилган алоқалар фаоллашганини ижобий баҳолади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган қўшма ҳамкорлик институтлари самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши каби соҳаларда қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган «ЕИ – Марказий Осиё» вазирлар учрашувини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ва унга пухта ҳозирлик кўриш ишларини олиб боришга тайёрлиги тасдиқланди.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.