Теҳронда Эрон Президенти Ўзбекистон делегациясини қабул қилди

Мулоқот аввалида, Ўзбекистон томони мамлакатимиз делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун Эрон етакчисига миннатдорлик билдириб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг йўллаган самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда икки давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро ҳамкорлик кенг қамровли муносабатлар даражасига кўтарилгани, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси минтақа барқарорлиги учун ҳам муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда эришилган келишувлар ижросини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиз делегацияси Теҳронга ташрифи доирасида Эрон инновациялар ва технологиялар уйига ҳам ташриф буюриб, энергетика, тиббиёт ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, IT, қурилиш каби соҳалардаги илғор маҳсулот ва ишланмалар билан танишишди.
Шунинг билан Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Эронга ташрифи якунланди.
ЎзА