Италия делегацияси вакиллари алоқалар бутунлай янги босқичга кўтарилганини таъкидлашмоқда

Ўзбекистон ҳамкор давлатлар инвесторларининг юртимизда фаолият юритиши учун кенг қўллаб-қувватлаш чораларини кўраётгани замирида ҳам шу жиҳат мужассам.
Буни яқинда мамлакатимизга Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони хоним бошчилигида келган делегация вакиллари ҳам алоҳида эътироф этишди.
Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида ўтган икки мамлакат етакчилари иштирокидаги музокаралар хусусида Италия делегацияси вакилларининг фикрларини ҳавола этамиз.
Массимо ШИРО, Италия Республикасининг “SACE” экспорт-кредит агентлиги раиси:
– Президентингиз бундан икки йил олдин Италияга расмий ташриф билан борганларида икки мамлакат ўртасида алоқалар бутунлай янги босқичга кўтарилган. Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация ҳам қабул қилинган эди. Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар ўз самарасини берди. Навбатдаги жавоб ташрифи ҳам ҳар томонлама самарали бўлди. Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва экспорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Натижалар Ўзбекистонда Италия билан ҳамкорликда ташкил этилган корхоналар сони ортиб бораётганида ҳам кўринади. Экспорт ҳажмининг ўсишига эришилаётгани ҳам шу ҳамкорликнинг меваси саналади. Шу ўринда, Ўзбекистонда эркин бозор механизмларини жорий этиш, бизнес юритиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган ишларни алоҳида эътироф этиш керак.
Стефано КОРНЯТИ, Италия Республикасининг Турин политехника университети ректори:
– Биз ўз йўналишимиздаги муассасалар билан энергетика соҳасида англашув меморандумини имзоладик. Ушбу ҳамкорлик илмий тадқиқотлар соҳасида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, икки давлат мутахассислари билан ҳамкорликда янги илмий-тадқиқот лабораториясини яратмоқчимиз. Шу билан бирга саноат соҳасида тажриба алмашишни режалаштирганмиз. Энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро билимларни ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик ўрнатиш ниятидамиз. Бу жараёнда бизни қўллаб-қувватлаётган икки мамлакат етакчиларига миннатдорлик билдираман. Дарвоқе, ушбу олий даражадаги ташриф доирасидаги келишувларда юртингизда Тушиа университети филиалини, Пиза, Тренто, Рома Тре ва Ка-Фоскари университетлари билан икки томонлама диплом дастурларини ишга тушириш режалари қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаб ўтишим керак.
Андреа БЕНВЕДУТИ, Италия Республикасининг “Ansaldo Energia” компанияси катта вице-президенти:
– Юртингизда энергетика тизими барқарорлигини ошириш, тармоқда “яшил энергия” улушини кўпайтириш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишлар эътиборга молик. Истиқболда янги-янги “яшил қувват”лар барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улушини кескин кўтариш режасини олқишлаш керак. Мамлакат ҳудудларида қуёш ва шамол станциялари ишга туширилаётгани қувонарли.
“Ўзатом” агентлиги билан англашув меморандумини имзоладик. Бундан жуда ҳам мамнунмиз. Мазкур келишувимиз технологик соҳадаги ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади. Биз мамлакатимиздаги бошқа корхоналарни ҳам ҳамкорликка чақирамиз. Умид қиламизки, ушбу алоқаларимиз узоқ муддатли ва манфаатли бўлади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири