Ўзбекистон ва Венгрия: ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ташаббуслар илгари сурилди

Ўзбекистон парламенти аъзолари Венгрия парламенти билан алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Миллий Ассамблеянинг бой тажрибаси, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистонга нисбатан дўстона позицияси алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон икки мамлакат ўртасида имзоланган битимларни изчил таъминлаш, парламент дўстлик гуруҳлари фаолиятини жонлаштириш, қонун ижодкорлиги, ҳудудий ривожланиш, ижтимоий ҳимоя, солиқ сиёсати ва рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорлик барча йўналишларда барқарор ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳукумат, вазирликлар, агентликлар ва ҳудудлар даражасида самарали мулоқот йўлга қўйилгани, икки давлат БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик давом этаётгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши, қўшма корхоналар сони кўпайиши ва иқтисодиётнинг қатор соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани, шу боисдан Ўзбекистон-Венгрия бизнес кенгашининг навбатдаги йиғилишини кенг доирадаги ишбилармонлар иштирокида ўтказиш таклифи билдирилди.
2024 йил октябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи ҳудудлар форумининг натижалари юқори баҳоланди. Ҳудудлараро ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида 2026 йил бошида Будапешт шаҳрида Иккинчи форумни ўтказиш таклиф этилди ҳамда ҳудудлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2024 йил октябрда Лакителек шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоий бюстининг очилиши, 2025 йил январда Будапештда Ўзбекистон кино кунларининг ўтказилиши икки мамлакат халқларини янада яқинлаштирди.
Венгриянинг “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида ҳар йили 200 нафар талаба учун грант ажратилмоқда. Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги айтилди. Жумладан, 2026 йил март ойида III Ўзбекистон-Венгрия ректорлари форумини ўтказиш, қўшма икки дипломли дастурларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Бизнес, туризм ва маданий алмашинувларни рағбатлантириш мақсадида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА