Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қувайт Давлати Валийаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Шайх Сабоҳ Халид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон томони Қувайт Давлатининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон халқи Қувайт халқи билан биродарлик ва ҳамжиҳатлик руҳида экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, Валийаҳд Шайх Сабоҳ Халид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ Қувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ номидан Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий салом ва эзгу тилакларни етказди ҳамда Қувайтга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар дўстона ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.